МАВЗУ: Кўкаламзорлаштиришнинг регуляр услуби
Кўкаламзорлаштириш ишларини лойиҳалаштиришда асосий учта услубдан кенг фойдаланилади: регуляр (мунтазам) услуб, пейзаж услуби ва аралаш (регуляр ва пейзаж биргаликда) услуб.
Регуляр – услубда барча кўкаламзорлаш-тириш элементлари ва объектлари мунтазам ёки тўғри геометрик шаклга эга бўлади. Гулзорлар айлана, тўғри тўртбурчак, ромбсимон, учбурчак ва х.к. Йўлаклар тўғри чизиқ ёки ярим айланасимон шаклда бўлади. Дарахт, бута ва гулларнинг экилиш схемалари қатъий белгилаб олинади. Экилиш схемасига мувофиқ равишда бир хил турдаги ва бир хил ўлчамдаги манзарали дарахт, бута ва гул ўсимликлари танланади. Бундан ташқари рангларни жамланма ҳолида жойлаштиришга ҳам алоҳида аҳамият берилади.
Агар гулларнинг ранги бири иккинчисни тўлдириб ёки орттириб кўрсатса, у яхши қабул қилинади (яшил-қизил, ҳаворанг-тўқ сариқ). Қизил, тўқ сариқ ва сариқ ранглар – иссиқ, ёрқин ва узоқдан яхши кўринади, яшил, ҳаворанг ва бинафшаранг – совуқ, хира ва бир оз масофада мавхум бўлиб қолади, атрофдаги фонда ютилиб кетади. Оқ ранг бошқа хамма ранглар билан мос келади. Кумушранг ва кулранг ўсимликлар нейтрал ранг ҳисобланади. Ранглар жамланмаси қуйидагича бўлиши мумкин:
- Контраст – яъни, қарама-қарши рангларни жойлаштириш. Қизил-яшил, ҳаворанг-туқсарик, сариқ-бинафшаранг.
- Гармоник – ранглар биттадан кейингиси билан жойлаштирилади. Қизил-сариқ, тўқ сариқ-яшил, сариқ-кўк, яшил-ҳаворанг.
- Дисгармоник – ранглар ёнидагиси билан жойлаштирилади: қизил-тўқсариқ-сариқ-яшил-кўк-ҳаворанг-бинафшаранг.
- Ньюанс – бир хил рангнинг оч рангидан-тўқ рангигача: оч қизилдан-тўқ қизилгача, ҳаворангдан-тўқ кўкгача.
Гулзор қисмлари жуда чиройли, кўзга ташланиб туриши, ёрқин бўлиши керак. Ушбу масалани ечишда “Олтин пропорция” қоидасидан фойдаланамиз. Бунда биринчи икки соннинг йиғиндиси учинчи сонни беради ва биринчи сон иккинчи соннинг ярмисидан катта бўлади: 3:5:8, 5:8:13, 8:13:21, 13:21:34. Энг чиройли гулзорлар гул экинлари, йўлаклар ва майсазорларнинг 3:5:8 ёки 5:8:13 муносабатида ҳосил қилинади.
Мисол. Гулзор учун 400 м2 ер ажратилган. «Олтин пропорция» қоидасига кўра, (3:5:8) йиғиндида 16 та қисм ҳосил бўлади: 400 м2:16=25м2 ни олтин пропорция сонларига кўпайтирсак қуйидагиларни оламиз: 25м2х3=75м2 – бу майдон гул экинларига (клумбалар, рабаткалар, ҳошиялар, гуруҳлар, алоҳида экинлар) учун ажратилади; 25 м2х5=125 м2 – бу майдон йўлакчалар учун ишлатилади; 25м2 х 8 = 200м2 бу майдон майсазор учун ажратилади.